Бугун — 27 май куни Тошкент вақти билан тунги 00:30 да Испания кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтади ва унда «Барселона» мавсумни Ла лига дебютанти сифатида ўтказган «Алавес»га қарши саф тортади.
Ушбу тўқнашувдан сўнг «Барселона» бош мураббийи Луис Энрике расман ишдан кетади. У «ПСЖ»га қарши 0:4 ҳисоби билан якунига етган Чемпионлар лигаси учрашувидан кейиноқ мавсум сўнггида истеъфога чиқиши ҳақида айтиб ўтганди.
Луис Энрике бошқарувидаги «Барселона» бу мавсум Ла лига чемпионлигини Мадриднинг «Реал» клубига бериб қўйди. «Қироллик клуби» Чемпионлар лигасида ҳам финалга етиб борди, «Барселона» эса чорак финалда «Ювентус» довонидан ўта олмади.
Испания кубогидаги ғалаба Каталония клубини мавсумни совринсиз якунлашдан қутқариб қолиши мумкин.
Финал ўйинида Мадриддаги «Висенте Кальдерон» стадиони мезбонлик қилади. Бу учрашув мазкур аренадаги сўнгги футбол ўйини бўлиб тарихга киради. Келаси мавсумдан бошлаб «Висенте Кальдерон» эгалари ҳисобланган «Атлетико» футболчилари янги стадионда уй учрашувларини ўтказади.
Маълумот учун, «Барселона» финалга қадар «Эркулес» (1:1, 7:0), «Атлетик» (1:2, 3:1), «Реал Сосьедад» (1:0, 5:2), «Атлетико» (2:1, 1:1) клубларини турнирдан чиқариб юборди. «Алавес» футболчилари эса «Хинмастик» (3:0, 3:0), «Депортиво» (2:2, 1:1), «Алькоркон» (2:0, 0:0), «Сельта» (0:0, 1:0) клубларини қолдириб кетди.
Изоҳ (0)