2017 йилнинг 5—16 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан республиканинг барча ҳудудларида касб-ҳунар коллежи ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес ғояларини саралаш «Стартап ҳафталиклари» – инновацион ғоялар танлови ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирларда марказий ва маҳаллий давлат органлари, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси вакиллари ва инвесторлар республикадаги касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларига ўз бизнесларини бошлаши учун молиявий кўмак ҳамда ахборот-маслаҳат бериш мақсадида жалб этилади
Тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларидаги олий таълим муассасалари ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган. «Стартап ҳафталиклари» мобайнида битирувчилар томонидан тижорат банклари ҳамда салоҳиятли инвесторлар, давлат ҳокимияти органлари вакилларига ўз лойиҳаларини намойиш этиши ва ўз бизнесларини бошлаш учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилади.
Бундан ташқари, тадбирлар мобайнида танлаб олинган лойиҳалар асосида бизнес ғоя ташаббускорлари тижорат банклари ва салоҳиятли инвесторлар билан уларни молиялаштириш ва шартномалар тузиш учун ишчи учрашувлар ўтказади.Шунингдек, энг яхши лойиҳалар ташаббускорларига тадбир ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда сертификатлар топширилади.
Тадбирда иштирок этиш истагида бўлган битирувчилар лойиҳанинг қисқача таърифи ва ҳал этиладиган ижтимоий-иқтисодий муаммолар (вазифалар), лойиҳанинг мақсади, фойдаланувчилар аудиторияси (мижозлар), лойиҳанинг қиймати (ўз маблағлари, тижорат бинклари кредитлари, инвесторлар маблағлари), амалга ошириш муддатлари, лойиҳани амалга ошириш натижасида яратиладиган иш ўринлари ва бошқа маълумотлар асосида лойиҳа паспортини тақдим этади. Тадбир якунига кўра битирувчиларнинг «стартуп» лойиҳаларини амалга оширилиши ва молиялаштирилиши мониторинги бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)