Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш шароитини тизимли равишда ўрганиш мақсадида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» доирасида ташкил этиб келинаётган тадбирларда паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний ўқотар қуроллар ва наркотик воситаларни сақлаш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур йўналишда кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг охирги тўрт ойи давомида 120 мингдан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 400 нафарга яқин қидирувдаги жиноятчи қўлга олинди. Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбири сифатида 180 мингдан ортиқ профилактик суҳбат ўтказилди.
Асосий эътибор, вояга етмаганлар ва ёшлар тарбиясига қаратилиб, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг таълим муассасаларидаги давоматини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида, жорий йилнинг апрель ойида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг даражаси 0,7 фоизга, ёшлар ўртасида 2,1 фоизга, шу жумладан коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида 19,2 фоизга, олий таълим муассасаларида 31 фоизга камайди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги барча давлат органлари, ташкилотлар ва жамоатчилик тузилмаларини, шунингдек, фуқароларни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни»ни самарали ўтказишни ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда фаол ҳамкорликка чорлайди.
Изоҳ (0)