Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, одамларни қийнаётган муаммолар ҳал этилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган сайёр қабулларда ҳам бу яққол намоён бўлди.
Туманларда ўтказилган ҳар бир тадбирда туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, суд идоралари раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар вакиллари аҳоли мурожаатларини тинглади. Уч кун давомида сайёр қабулларда 778 мурожаат кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг кўпчилиги уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, болалар нафақаси, алиментни ундириш каби масалалардир. Судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари кўрилиши, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги масалалари ҳам одамларни кўпроқ ўйлантираётгани маълум бўлди.
Бахмал туманида ўтказилган сайёр қабулда «Оқтош» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нишон Соатов ҳудуддаги 36 хонадон табиий газдан узиб қўйилганини маълум қилди. Мурожаат тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, шу ернинг ўзида қаноатлантирилди. Тумандаги Йўлдошбой қишлоғида яшовчи Маҳмуджон Хўжаевнинг қишлоқ йўлининг носозлиги юзасидан қилган мурожаатини ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотлар мутасаддиларига аниқ топшириқлар берилди. Сайёр қабулга тушган 43 мурожаатнинг барчаси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Изоҳ (0)