Миллий матбуот марказида «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ўринбосари Н. Жўлибеков ва бошқалар комбинат қудратли ишлаб чиқариш объектлари ва инфратузилмасига эга йирик корхонага айланганини таъкидлади. Бугун комбинатда 60 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда.
2017–2026 йилларда комбинатни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиб, келгуси ўн йилда амалга ошириладиган йирик лойиҳалар белгилаб берилди. Унга мувофиқ, 2026 йилгача 3,063 миллиард долларлик 27 лойиҳа амалга оширилади. Натижада комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ортиб, 30 мингдан ортиқ яқин янги иш ўрни яратилади.
Тадбирда йил давомида амалга оширилган ишлар, шунингдек, истиқболдаги режалар юзасидан ҳисобот беридли. Жумладан, таъкидланишича, захираси бўйича дунёда етакчи ўринда турадиган Мурунтов олтин конини ўзлаштиришнинг 5-босқичи энг муҳим лойиҳалардан ҳисобланмоқда. АҚШнинг Integro Group компанияси томонидан карернинг янги геологик-математик модели яратилди. Мазкур модель асосида аниқланган олтин захиралари 2130 йилгача руда қазиб олиш имконияти мавжудлигини кўрсатди.
Матбуот анжуманида журналистлар саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)