Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари томонидан 3D-принтерлар ёрдамида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетаси хабар берди.
Мультимедиа технологиялари кафедраси ассистенти Жонибек Тожиев 3D-принтер орқали одамдек ҳаракатлана оладиган махсус робот яратган. «Ақл гимнастикаси» бўлмиш шахмат ўйнай оладиган робот, қўл протези ҳам ана шундай изланишлар самарасидир.
Буларнинг барчаси ишлаб чиқариш ҳамда тиббиётнинг турли жабҳаларида кенг қўлланилиши мумкин. Масалан, «шахматчи робот» кимёвий реакциялар ва физикавий жараёнларни бошқаришга мўлжалланган. Чунки у мантиқий фикрлай олади, вазиятни баҳолаш ҳамда таҳлил қилишга қодир.
Одамдек юрадиган робот «Серво» моторидан фойдаланилгани туфайли бемалол ҳаракатланиб, йўлдаги тўсиқларни аниқлайди ва уларни ҳатлаб ўта олади. Қолаверса, бу робот ҳатто тўп ўйнаши ҳам мумкин.
Қурилма дастурлаштирилган топшириқ ҳамда ҳаракатларни бажаради, одам кириши қийин бўлган ёки аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган вазифаларни бажаришда қатнашиш хусусиятига эга. Кимё саноати корхоналарида ёки фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ҳам унинг хизматидан фойдаланиш мумкин.
— Талабалар, университет ходимлари ҳозирча иккита 3D-принтердан моделлаштириш учун фаол фойдаланмоқда, — дейди Жонибек Тожиев. —Бундай қурилмалар бир қатор олий таълим муассасаларидагина ишлатилади, холос. Ваҳоланки, дунёнинг турли мамлакатларида улардан кенг фойдаланилаяпти. Биз ҳозирча тиббиёт соҳасида, аниқроқ айтадиган бўлсак, замонавий протезлар тайёрлашда 3D-принтерлардан фойдаланишга кўпроқ урғу беряпмиз. Келажакда истиқболли йўналишларда ҳам ушбу қурилмани жадал қўллаш чораларини кўрамиз.
Изоҳ (0)