ШҲТ Форумининг ўн иккинчи мажлисида Ўзбекистоннинг 2015—2016 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида ташкилот фаолиятининг самарадорлиги ва халқаро нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилгани таъкидланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Форум мажлиси қатнашчилари савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият ва спорт соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини ошириш борасида минтақавий ҳамда минтақалараро қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон вакиллари анжуман қатнашчилари учун 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тақдим этди. Мамлакатнинг иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги позицияси, шунингдек, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурининг асосий қоидаларига бағишланган тақдимотда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлик масаласини ҳал этиш, соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш ва маҳалла ролини янада оширишга қаратилган кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани таъкидланди.
Мажлис иштирокчилари тақдим этилган ахборотни ижобий баҳолади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак»лиги тўғрисидаги қатъий позицияси белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади.
Мажлисда «ШҲТ мамлакатлари: ҳамкорлик тенденциялари ва истиқболи», «Бугунги шароитда ШҲТни ривожлантириш», «ШҲТ: келажак учун цивилизациялараро альянснинг тимсоли», «ШҲТ: ‘Бир белбоғ, бир йўл’ни ташкил этиш учун муҳим майдон», «Афғонистондаги хавфсизлик: минтақавий ҳамкорлик учун имкониятлар ва таҳдидлар», «Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича Ўзбекистоннинг ёндашувлари», «ШҲТга аъзо давлатлар инвестициявий жозибадорлигининг имкониятлари ва салоҳияти», «ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги: бугунги ҳолат, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари», «‘Ўзбекистон темир йўллари’ акциядорлик жамиятининг ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт салоҳиятини ривожлантиришдаги роли ва аҳамияти», «Туризм ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун асосий йўналиш» мавзуларида маърузалар тингланди.
Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистоннинг ШҲТ Форумига раислигини юқори баҳолади ва учрашувлар давомидаги меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)