69 ёшли Дик Адвокат футбол бўйича Голландия миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди, деб ёзди «Чемпионат» нашри.
Шартнома ЖЧ—2018 саралаш босқичининг якунида тугайди. Бу вақт давомида Адвокатга голландиялик афсонавий футболчилардан бири Руд Гуллит ёрдам беради.
Ҳар икки мутахассис ўз вақтида Россияда фаолият олиб бориб, муваффақиятга эриша олмаганди. Адвокат Санкт-Петурбургнинг «Зенит» клуби ва Россия термасида ишлаган бўлса, Гуллит «Терек» клубини бошқарган.
Айни вақтда Адвокат Туркиянинг «Фенербахче» клуби бош мураббийи ҳисобланади. Шартнома шу йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, Адвокат уни узайтирмасликка қарор қилган.
Голландия терма жамоаси ЖЧ—2018 саралаши доирасида 5 та учрашув ўтказиб, 7 очко тўплади. Бу эса Франция (13), Швеция (10) ва Болгария (9) термаларидан кейин тўртинчи бўлиб туришгагина хизмат қилмоқда. Адвокатнинг олдига голландларни минимум иккинчи ўринга кўтариб, Россия—2018 мундиалига йўлланма олиш вазифаси қўйилди.
Бу қизиқ
Дик Авокат бунга қадар ҳам Голландия терма жамоасида фаолият олиб борган. 1992—1994 йиллар оралиғида у термани ЖЧ—1994 чорак финалига қадар олиб келди ва ярим финал остонасида Бразилиядан енгилди — 2:3.2002—2004 йилги фаолиятида эса Адвокат Голландия билан Евро—2004 мусобақасининг ярим финалида ўйнади. Ўшанда мезбон португалиядан мағлубият қабул қилиб олинганди — 1:2.
Маълумот учун, Дик Адвокат Голландия терма жамоасини қабул қилиб олган энг қари мутахассисга айланди. 2015 йилнинг июнида истеъфо берган Гуус Хиддинк термани қабул қилиб олганида 68 ёшда эди. Адвокат эса шу йилнинг 27 сентябрь куни 70 ёшни қарши олади.
Изоҳ (0)