Фарғона вилоятининг Бағдод туманида маҳаллий фуқаронинг уйидан 11,6 миллион сўмлик тилла буюмларни ўғирлаган жиноятчи қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Бағдод туманида яшовчи фуқаро Солиев 24 апрель куни туман ИИБга мурожаат қилиб, шу куни соат 11:30 да номаълум шахслар хонадонидан унга тегишли бўлган жами 11,6 миллион сўмлик тилла буюмларни, 303 АҚШ доллари, 80 Россия рубли ҳамда 425 минг сўм пулларини ўғирлаб кетганлигини билдирган», — дейилади хабарномада.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жиноятни Олтиариқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро Шералиев содир этганлиги аниқланди.
Суриштирув ҳаракатлари давомида жабрланувчига тегишли жами тилла буюмлар ва пул қайтарилди.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда тергов бўлинмаси томонидан жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)