Профилактика кунида Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги оилалардаги турли муаммолар кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Сергели тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Зафар Отаевнинг айтишича, содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларни шу куннинг ўзида маҳаллада муҳокама қилиш йўлга қўйилди.
«Профилактика куни доирасида ‘Қурувчилар’ маҳалласида ўзаро келиша олмаган қайнона—келин муносабати муҳокама этилди. Маҳалладошлари олдида ўртага чиққанидан қайнона хижолат тортди, ўзига анча бино қўйган келинда эса бу ҳолат аввалига кузатилмади. Ёши улуғлар томонидан вазиятга баҳо берилиб, келинчакнинг туриши танқидга, тарбияга муҳтожлиги ҳақида фикр юритилгач, келиннинг боши эгилиб, кўзига ёш келиб, кечирим сўради», — дейилади ЎзА хабарида.
Профилактика куни муносабати билан Сергели туманидаги таълим муассасаларида давомат, тушунтириш-тарғибот ишлари билан бирга ёнғин, йўл ҳаракати хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати ходимларининг профилактик чора-тадбирлари ҳам амалга оширилди.