Профилактика кунида Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги маҳаллалардаги муаммолар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Хусусан, ўзаро чиқиша олмай қолган қўшни йигит ва қиз ўртасидаги можаро ёқа йиртишгача бориб етган. Қиз «юқори ташкилотларда танишим бор, сенга кўрсатиб қўяман», деб йигитнинг устидан ички ишлар органига ариза топширган.
Воқеа жойига етиб келган маҳалла раиси икки ёшга насиҳат қилиб, уларни яраштиришга уринган. «Аммо қиз маҳалла раисини ҳам менсимаган», — деб ёзади ЎзА.
Суд жараёнида қиз йигитни айблаб, «Кийимимни ҳам йиртган», деб кўрсатма берди. Йигит бундай қилмаганини, лекин қиз уни ҳақоратлаганини, шунда ҳам даъвоси йўқлигини билдирди.
Гувоҳ сифатида «Нурҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муаззам Холбобоевага сўз берилганда, у шу куни аслида йигитнинг бўйни ва қўллари тирналиб-шилингани, қиз уни ҳамманинг кўз ўнгида ҳақоратлаб, ҳеч кимга қулоқ солмаганини маълум қилди.
Жанжалга аралашган йигит энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилган бўлса, «нохолис аризачи, одоб-ахлоқ қоидаларини менсимаган» қизга энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солинди.
Изоҳ (0)