2017 йил 27 апрель куни Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида пойтахтда жорий йилнинг биринчи чорагида 13 297 та янги иш ўрни яратилгани маълум қилинди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
Бандлик дастурига асосан яратилган ушбу янги иш ўринларидан 6 285 таси кичик бизнес субъектларида экани қайд этилди.
Бундан ташқари, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида 1 500 дан ортиқ бўш вакант ўрин борлиги аниқланди. Ҳозирда 380 нафар коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама, 143 нафар олий маълумотли шифокор билан уч томонлама шартномалар тузилди. Маҳаллалар томонидан юборилган 163 нафар фуқаронинг 140 нафари ишга қабул қилинди.
«2016—2018 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури» доирасида олиб борилган ишлар натижасида 2017 йилда 2 088 та лойиҳани ишга тушириш белгиланган бўлиб, 29 042 та иш ўрни ташкил этиш ва жами 263,7 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Тадбирда ушбу дастур доирасида биринчи чоракда 377 та лойиҳани амалга ошириш белгиланганлиги, амалда эса 472 та лойиҳа ишга туширилиб, 5436 та қўшимча иш ўрни ташкил этилгани таъкидланди.
Изоҳ (0)