2017 йилнинг 15—16 май кунлари Тошкент ва Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзуида икки кунлик халқаро илмий-маданий конгресс ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.
Тадбирда шарқшунослик, археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, нумизматика, тўқимачилик, кулолчилик соҳаларига ихтисослашган 120 дан ортиқ хорижий ва 100 дан ортиқ маҳаллий олим ва эксперт иштирок этади. Улар орасида Россия, Канада, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Миср, Корея, Бельгия, Голландия, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Хитой, Туркия, Греция, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлардан машҳур олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари, илмий журналлар муҳаррирлари, таниқли коллексионерлар, шунингдек, ЮНЕСКО ва ICOMOS (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш) вакиллари, кўп сонли асарлар ва китоблар муаллифи бўлган олимлар бор.
Конгрессда Ўзбекистон ҳудудида ва дунёнинг турли мамлакатлари музейларида сақланаётган моддий ва бадиий маданиятнинг нодир объектларига бағишланган маърузалар тингланиши кутилмоқда.
Тадбирда «Ўзбекистоннинг маданий мероси» туркуми сифатида уч тилда нашр этилган китоб-альбомларнинг дастлабки беш жилди — «Шарқ давлат музейи тўплами» (Москва), «Россия этнография музейи тўплами» (Санкт-Петербург), «Третьяков давлат галереяси тўплами» (Москва), «Ўзбекистон гиламлари ва кашталари дунё тўпламларида» (Россия, АҚШ, Канада, Австралия), шунингдек, «Алишер Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида» (Санкт-Петербург) китоблари намойиш этилади.
Бундан ташқари, нашр этишга тайёрланаётган олти жилд — «Ўзбекистоннинг мусиқий мероси», «Давлат Эрмитажи тўплами», «Давлат тарих музейи тўплами», «Шарқ қўлёзмалари институти тўплами», «Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар» ва «Германия музейлари тўпламлари» тақдимоти ҳам ўтказилади. Ҳар бир жилдни тайёрлаш раҳбарлари Ўзбекистоннинг таниқли олимлари, санъатшунослари, мусиқашунос ва шарқшунослари ҳисобланади.
Конгресс доирасида чет эллик профессорлар, тарих, санъатшунослик фанлари докторлари, санъат соҳасидаги етакчи экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишланган қисқа маърузалар тайёрланади. Шунингдек, ташкилотчилар ва тадбир иштирокчиларидан конгрессга махсус қутловлар олиниши кутилмоқда, улар уч тилда нашр этиш режалаштирилаётган тадбирнинг махсус журналига киритилади.
Конгресснинг қўшимча тадбирлари дастури билан «Uz24.uz» саҳифасида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)