Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 28 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар биринчи навбатда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумки, охирги вақтларда учувчисиз учиш қурилмалари орқали ҳаво ҳудудидан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари дунё миқёсида тез-тез учрамоқда. Учувчисиз учиш қурилмаларининг одамлар йиғилган жойларга қулаши ва улардан аэродромлар ҳудудларида фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда, бу эса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, сотиш ва қўллаш тақиқланган эди.
Бироқ учувчисиз учиш қурилмаларини қўллаш билан боғлиқ ҳаво ҳудудидан рухсатсиз фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи аниқ нормаларнинг қонунчиликда йўқлиги ҳуқуқбузарларни жазолашга имкон бермас эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодекси мазкур ҳуқуқий камчиликни бартараф этишга қаратилган моддалар билан тўлдирилмоқда.
Мажлис давомида депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Изоҳ (0)