2017 йил 27—29 апрель кунлари Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг «Санъат ғунчалари» XIX республика танлови ўтказилмоқда. Бу ҳақда Баҳодир Қурбонов «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур танловда анъанавий тарзда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда Маданият вазирлиги тасарруфидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейларнинг 5—9-синф ўқувчилари иштирок этмоқда.
Ушбу танлов ёш ижрочиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, жаҳон мумтоз бастакорларнинг асарлари, ўзбек ва бошқа халқлар бастакорлари куйларидан баҳраманд бўлиши учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ўзбек мусиқа маданиятини юксак даражага кўтариш ҳамда ўзбек миллий санъатини дунё саҳналарига олиб чиқиш ва иқтидорли ёшлар ижодини тарғиб этиш мақсадида ўтказилмоқда.
Танловнинг ҳудудий саралаш босқичлари жорий йилнинг 18—19 апрель кунлари республиканинг барча ҳудудларида юқори савияда ўтказилиб, унда жами 360 нафар ёш исеъдод соҳиби иштирок этди. Иштирокчиларнинг 137 нафари Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
«Санъат ғунчалари» XIX республика танловида иштирок этаётган ижодкорлар ёшга кўра кичик (11—13 ёш) ва катта (14—15 ёш) гуруҳларга бўлинади ҳамда қўйидаги номинациялар бўйича иштирок этади.
Кичик гуруҳда ўнта: флейта, габой, кларнет, саксафон (алт), фагот, труба, валторна, тенор-баритон, туба, зарбли чолғу.
Катта гуруҳда 11 та: флейта, габой, кларнет, фагот, саксафон (алт), саксафон (тенор), труба, валторна, тромбон, туба, зарбли чолғу.
Танловнинг тантанали очилиш маросими 2017 йил 27 апрель куни соат 10:00 да бўлиб ўтди. Ёпилиши ва гала концерт 29 апрель куни соат 10:00 да Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида бўлиб ўтади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)