Дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири Microsoft корпорацияси 2017 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)да махсус ўқув синфини очди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Замонавий ИТ-синфи моноблок компьютерлари билан жиҳозланган бўлиб, барча зарур жиҳозлар Microsoft корпорацияси томонидан беғараз тақдим этилган ҳамда лицензияга эга дастурий таъминотлар ва ечимлар, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун қўшимча ускуналар билан таъминланган.
Мазкур синфнинг очилиши билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари Microsoft’нинг дастурий маҳсулотлари тўғрисидаги ўз билимларини мустаҳкамлайди. Бунда ИТ-синфдан давлат органлари, хусусий компаниялар, кенг аҳоли вакиллари иштирокида турли хилдаги маҳорат мактаблари, тренинглар ва семинарларни ўтказишда фойдаланилади.
Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари вакилларининг иштирокида Microsoft Education Day семинари ҳам бўлиб ўтди. Семинар давомида Microsoft корпорацияси вакиллари қатнашчиларга таълим муассасалари учун Microsoft’нинг замонавий ечимлари тўғрисида маълумот берди.
Жумладан, Microsoft’да махсус «Инновацион педагоглар» ҳамжамияти мавжуд бўлиб, у бутун дунёдан минглаб ўқитувчиларни бирлаштиради. Ҳар йили мазкур ўқитувчилар орасидан ўқувчилар учун ўқув жараёнида технологиялардан қизиқарли ва самарали фойдалана оладиганлари E2 Educators Exchange конференциясида тўлиқ компания ҳисобидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Семинар давомида қайд этилганидек, компания ўзининг Microsoft Imagine Academy таълим ресурсини ривожлантирмоқда, унинг ёрдамида иштирокчилар замонавий технологиялар ва дастурлаш тўғрисида билим олиши мумкин бўлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)