«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси «Краснодар» аэропортига рейсларни амалга ошираётган авиакомпаниялар орасида ўз вақтида манзилга етиб келиш бўйича биринчи деб топилди. Бу ҳақда «UzNews.uz» хабар бермоқда.
Краснодар, Сочи, Геленжик ва Анападаги аэропортларни тасарруф қилувчи «Базэл Аэро» компанияси 2016–2017 йилги мавсум куз-қиш мавсумининг энг пунктуал ва шиддат билан ривожланаётган авиакомпанияларини мукофотлади.
26 апрель куни тантанали мукофотлаш маросимида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси «Энг пунктуал халқаро авиакомпания» номинациясида ғолиб бўлди. Мукофотни «‘Краснодар’ халқаро аэропорти» бошқарувчи директори А.С. Крутцов ва «Базэл Аэро» компаниясини бошқарувчи тижорат департаменти директори А.О. Халваши топширди.
Вақтида етиб келиш ва сервис сифати рейтинглари «Базэл Аэро» аэропортларида 2015 йилдан буён тузилади. Ўзбекистон авиакомпанияси учинчи марта ушбу компания томонидан мукофотланмоқда. 2015–2016 йил куз-қиш мавсуми якунларига кўра у «Йўловчи ташишдаги инновациялар» номинациясида мукофотланган эди, ўтган йилнинг ёз мавсуми якунларига кўра Сочи ва Краснодар аэропортларида «Халқаро авиайўналишлардаги энг пунктуал авиакомпания» номинациялари бўйича ғолиб бўлди.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 2004 йилдан Краснодарга, 2007 йилдан Сочига рейсларни амалга оширади.
Изоҳ (0)