26 апрель куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йилнинг I чорагидаги фаолияти сарҳисоби, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг бориши, истиқболдаги вазифа ҳамда лойиҳаларни белгилашга бағишланган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Вазирликнинг раҳбар ва масъул ходимлари, ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият юритувчи компаниялар, корхоналар ва ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий раҳбарлари иштирок этди. Ҳудудий раҳбарларнинг мажлисда иштироки видеоконференция орқали таъминланди. Шунингдек, йиғилишда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ҳайъат йиғилишида мамлакатдаги АКТ соҳаси ривожланиши ва ҳозирги ҳолати ҳар тарафлама ва танқидий таҳлил руҳида ўтди.
Айтилишича, I чоракда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш тизимида фаолият юритаётган корхоналар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 1,61 триллион сўмни (2016 йилнинг шу даврига солиштирганда ўсиш 12,5%) ташкил этди.
Йилнинг январь–март ойларида соҳа корхоналарининг экспорт улуши 2016 йилнинг шу даврига нисбата ўсиш ҳажми 3,3 фоизга, яъни 28,92 миллион долларга ошган. Тизимдаги муассаса раҳбарларига хорижий ҳамкорлар билан шартномалар имзолаш эвазига экспорт ҳажмини ошириш бўйича вазифалар берилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг 37 фоизи почта хизматлари, 12,5 фоизи алоқа тармоқлари, 11 фоизи интернет хизматлари, 8 фоизи мобил алоқа хизматлари тўғрисида. Шунингдек, 3 фоизи соҳадаги муассаса ва корхона раҳбарлари устидан шикоятлардир.
Аҳоли мурожаатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳри (31 фоиз), Тошкент вилояти (13 фоиз), Фарғона вилояти (9 фоиз) аҳолисидан келиб тушган. Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйилаётган хато-камчиликларга ойдинлик киритилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисидан қилинган мурожаатлар сони 106 фоизга, Андижонда — 73 фоизга, Қашқадарё ва Навийда — 32 фоизга, Наманганда — 3 фоизга, Сурхондарёда — 18 фоизга, Сирдарёда — 60 фоизга ҳамда Фарғонада — 28 фоизга ошган. Бу масалада ҳудудий бошқармаларнинг фаолияти танқидий баҳоланди.
Аҳолига кенг полосали интернет хизматларини кўрсатиш ҳолати танқид остига олинди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги жами кенг полосали хизмат кўрсатувчи портлар сони 860 мингтани ташкил қилади. 2016 йилнинг I чорагига нисбатан ўсиш 14,4 фоиз. Шунингдек, фойдаланилаётган портлар сони 525,9 мингтани, ўсиш эса 10,1 фоизни ташкил қилади. Ҳисобот даврида портлардан фойдаланиш Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида камайган. Шу сабабли бу борада кўрсаткичларимиз жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари билан солиштириб кўрганда — жуда паст.
Шунингдек, Ҳайъат йиғилишида соҳа учун кадрлар тайёрлаш, кадрлар заҳирасини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли бўлинмаларга раҳбар лавозимларга кадрлар захирасини тайёрлаш вазифаси берилди. Тошкент ахборот технологиялари университетига бўлажак қабул жараёнларини очиқ ва ошкора ташкил этиш, таълим жараёнини яхшилаш ҳамда профессор-ўқитувчилар таркибини яхшилаш, шунингдек, илмий тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш чораларини кўриш топшириғи юклатилди.
Соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир раҳбар диққати мамлакат раҳбарининг 2017 йил 11 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича қарори талабларини сўзсиз таъминлаш зарурлигига қаратилди.
Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Қарорда ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожланитиришга қаратилган чора-тадбирлар аниқлаб олинди.