Олмаотада метрополитен йўловчилари барча станциялардан эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Tengri News хабар бермоқда.
Маълум қилинишча, ҳаракатдаги составлар тўхтатилган, одамлар ташқарига олиб чиқилмоқда.
«Райимбек–Фурманов метро йўналиши, 5–7 дақиқа муқаддам эвакуация бошланди, барча одамларни метродан чиқаришди. Метрога кириш олдида полиция тасмаси тортилди. Воқеа жойида тез ёрдам, полиция, метро персонали», — маълум қилди гувоҳлардан бири.
«Йўловчилар чиқарилди. Икки состав ҳам тўхтади. Бойқўнғир станцияда эвакуация», — деди бошқа гувоҳ.
Полициячилар одамларни ичкарига қўймаяпти. Улардан тарқалиш сўралмоқда.
Метрополитен маъмуриятининг маълум қилишича, метрода бомба ўрнатилгани ҳақидаги аноним қўнғироқ туфайли эвакуация амалга оширилган.
Аноним қўнғироқ маҳаллий вақт билан кечки соат 19:00 да амалга оширилган.
«Текширув тадбирлари ўтказилмоқда, одамлар барча станциялардан эвакуация қилинмоқда», — деди маъмурият матбуот котиби Ажар Хабиева.
Бошқа тафсилотлар маълум эмас.
Изоҳ (0)