17 апрель куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Жомбой туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоят ва шаҳар ижро ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар ва бошқа назорат идораларининг раҳбарлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Сессияни туман ҳокимининг ўринбосари Х. Ўсарова бошқарди.
Дастлаб сессияда жамоатчилик асосида фаолият юритадиган халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Туман кенгаши депутати Зарифа Юсупова халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўринбосари этиб тасдиқланди.
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Сенат раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди.
Сессияда Жомбой туманидаги 10 кунлик ўрганишлар натижаси юзасидан ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича вилоят комиссияси раиси Отабек Аҳтамов ахборот берди.
Таъкидланишича, Жомбой туманида жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 58 та жиноят содир этилган бўлиб, жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иккитага камайган. Бироқ жиноятларнинг фирибгарлик, гиёҳвандлик, одам ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ турлари ошган. Маҳаллаларнинг 18 тасида жиноятлар содир этилган.
Қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг тушунтиришлари тингланди.
Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)