Сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деб ёзади «Қашқадарё» нашри.
Хусусан, 2016 йилда вилоятда фаолият кўрсатаётган 28 та туристик корхона томонидан 7,3 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу 2015 йил билан қиёслаганда 12 фоизга ўсишни кўрсатади. Шунингдек, чет эллик фуқароларга кўрсатилган туристик хизматлар экспортидан тушган маблағ 440,4 минг долларни ташкил этади ёки бу 2015 йилга нисбатан 35 фоиз ортган. Сайёҳларнинг аксарияти маданий мерос объектларига ташриф буюрган. Мавжуд маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларга келган сайёҳлар сони жами 348,5 минг нафар бўлиб, шундан 13,5 минг нафари хорижий ҳамда 335 минг нафари маҳаллий сайёҳдир.
Аммо вилоятнинг туристик салоҳияти ва мавжуд ресурслар билан қиёсланса, бу унчалик катта натижа эмас. Агар туристик йўналишлар кўпайиб, хизматлар сифати янада яхшиланса, рақамлар бундан бир неча баробар ошиши мумкин. Бунинг учун эса туризмнинг энг оммавийлашиб бораётган тури – экотуризмни ривожлантириш, ҳудуднинг бу борадаги имкониятларидан самарали фойдаланиш даркор.
«Экотуризм йўналиши бўйича вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳамда чўл ҳудудларида сайёҳларнинг мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, мазкур ҳудудларга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилаяпти. Ҳозирги пайтда Муборак, Миришкор, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманлари бўйлаб экотуристик йўналишлар ташкил этилган. Шунингдек, яқинда Яккабоғ туманидаги Амир Темур ғорига ҳам туристик йўналиш очилади. Бу ерга келган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ғорга бевосита саёҳат қилиш билан бирга, унинг тарихи, буюк бобокалонимиз Амир Темур билан боғлиқ воқеалар ҳақидаги қизиқарли маълумотларга ҳам эга бўлади», — дейди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё минтақавий бўлими бошлиғи Отабек Олимжонов.
«Ҳозирги пайтда вилоятда 2 та қўриқхона ва 8 та ўрмон хўжалиги мавжуд. Ушбу жойларда белгиланган тартиб асосида саёҳат қилиш, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш мумкин», — дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассиси Карима Ёдгорова.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)