19 апрель куни Хитойнинг Xiaomi компанияси Пекиндаги презентация чоғида Mi 6 смартфонини, шунингдек, унинг махсус «керамик» версиясини тақдим этди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Mi 6 нинг 5,15 дюймли дисплейи 1080х1920 ўлчамга эга. ОАВда таъкидланишича, компания анъанавий дизайнни танлаган: смартфон тепадан ва пастдан ҳошияга эга, четлари ҳам қиррали эмас. Xiaomi iPhone 7 йўлидан бориб, 3,5 миллиметрли жекдан воз кечди.
Mi 6 нинг барча версиялари 6 Гб оператив хотира, 8 ядроли Snapdragon 835 процессори ҳамда 3350 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. Компания вакилларининг билдиришича, смартфон биринчи марта 12 мегапикселли орқа қўшкамерага эга бўлади: улардан бири кенг бурчакли, иккинчиси эса сифатини йўқотмаган ҳолда икки карра тасвирни яқинлаштира олади. Фронтал камера 8 мегапикселлидир.
Шунингдек, презентацияда смартфоннинг Mi 6 Ceramic номли керамик корпусли, камералари 18 каратли олтин билан ҳошияланган махсус версияси кўрсатилди.
Смартфон Хитойда 28 апрелдан сотувга чиқарилади. Xiaomi Mi 6 нинг нархи 360 долларни ташкил этади, бу версиянинг хотираси 64 Гб. 420 долларга эса 128 Гб версиясини харид қилиш мумкин бўлади. Керамик версиянинг қиймати 435 долларни ташкил этади.
Изоҳ (0)