Эрондаги кучли сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 41 кишига етди, бедарак йўқолганлар сони 22 кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Asna агентлигига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда. Аввалроқ табиий офат оқибатида 35 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилганди.
Сув тошқинлари икки кундан буён давом этаётган кучли ёмғирдан кейин, мамлакатнинг шимоли-ғарбида содир бўлди. Урмия кўлига тушадиган дарёлар сатҳидан сув чиқиб кетган, сув кўприкларни вайрон қилди ва транспорт воситаларига зарар етказди.
Табиий офат оқибатида Шарқий Озарбайжон вилоятининг Азаршаҳр ва Ажабшир шаҳарлари, шунингдек, Ғарбий Озарбайжон, Курдистон, Ардебил ва Зенжон вилоятлари айниқса зарар кўрган.
Зарар етган вилоятларда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. У ерга қутқарувчи ва шифокорлар юборилди, бедарак йўқолганлар қидируви ташкил этилди.
Ёмғир ва кучли шамол 14 апрель куни Эроннинг шимоли-ғарбида бошланди. Синоптикларга кўра, ёмғир 16 апрель куни охиригача давом этади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)