Дэвис кубогининг 2017 йилги мавсуми Ўзбекистон терма жамоаси учун ўз якунига етди.
Саралашнинг биринчи босқичида ўзбекистонликлар Жанубий Кореяни мағлуб этганди. Ўша беллашувларда Денис Истомин кетма-кет икки ўйинда зафар қучган, шунингдек, жуфтлик беллашувларида ҳам кортга тушиб, Ўзбекистон термасига навбатдаги босқич чиптасини тақдим этганди.
Шу тариқа ўзбекистонликлар Ҳиндистонга рақиб бўлди. Бироқ учрашувга қадар Денис Истоминнинг товонидан олган жароҳати тузалмади ва делегация сафарга мамлакатнинг биринчи рақамли теннисчисисиз йўл олди.
Тўқнашувнинг илк кунида кортга тушган ўзбекистонлик ҳар икки спортчи имкониятни бой берди. Темур Исмоилов ҳиндистонлик рақибидан 2:6, 7:5, 2:6, 5:7 ҳисобларида енгилган бўлса, Санжар Файзиев 5:7, 6:3, 3:6, 4:6 ҳисобларида мағлуб бўлди.
Бугун — 8 апрель куни ҳар икки терма жуфтлик беллашувларида тўқнаш келди. Унда Ўзбекистон шарафини Фаррух Дўстов ҳамда Санжар Файзиев ҳимоя қилди. Баҳсда мезбонлар ҳар учала сетни ҳам ўз фойдасига ҳал қилди — 6:2, 6:4, 6:1.
Шу тариқа ҳисоб 3:0 кўринишини олди ва кейинги икки белашувга ҳожат қолмади. Ўзбекистон термаси Ҳиндистондан мағлуб бўлиб, турнирдан чиқиб кетди.
Изоҳ (0)