Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 6 апрель куни Тошкент шаҳрининг Бектемир, Миробод, Яшнобод туманлари аҳолисидан Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент шаҳар, Бектемир, Миробод ва Яшнобод туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатлари кўриб чиқилди.
Тадбирда ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг ижросини таъминлашга давлат идоралари раҳбарлари шахсан жавобгар экани таъкидланди.
Жорий йилнинг 5 апрель кунига қадар Президент Виртуал қабулхонасига Бектемир, Миробод ва Яшнобод туманлари аҳолисидан 27 700 га яқин мурожаат тушган. Уларнинг қарийб 89 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода.
Мурожаатларни ўрганиш фуқароларнинг асосий қисмини (қарийб 20 фоизи) уй-жой қуриш, ер ажратиш ва таъмирлашга оид масалалар ташвишга солаётганини кўрсатди.
«Оиламиз катта, – деди Яшнобод туманининг Уйсозлар маҳалласида истиқомат қилаётган Сайфулло Ботиров. – Ота-онам, мен оилам, бунинг устига укамни ҳам уйлантириш тараддудидамиз. Лекин икки хонали квартирада шунча одам қандай қилиб яшаши мумкин?! Шу боис сайёр қабулга келиб, арзимни баён қилдим. Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъуллари мурожаатимни кўриб чиқиб, Сергели туманида қурилаётган арзон уй-жойга ариза беришни таклиф этди. Уйлар ипотека кредити асосида тақдим этилиши менга жуда манзур бўлди».
«Мурожаатлар таҳлили асосида қайси соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар борлиги аён бўлмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бектемир туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Зуфар Маҳмудов. – Президентимизнинг Бектемир туманидаги Халқ қабулхонасига шу кунга қадар аҳолидан 2860 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Туман ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишларда уларни ҳал этиш масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Шу билан бирга, бу муаммоларни юзага келтираётган сабабларни ҳам ўрганмоқдамиз. Бугунги сайёр қабул давомида турли соҳалар мутахассислари томонидан одамларни ўйлантираётган долзарб мавзулар юзасидан аҳолига тушунтиришлар берилди».
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)