Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган бемор болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ‘Соғлом авлод учун’ халқаро хайрия фонди ва Германиянинг Friedensdorf International халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий-тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишларнинг яна бир ифодаси бўлди», — деб ёзади ЎзА.
Тиббий кўрикка шаҳар ва туманлардан, асосан, тана таянч ҳаракат тизими, туғма юрак нуқсони, терида куйиш асоратлари, ошқозон касалликларига чалинган ўғил-қизлар жалб қилинди.
Германиялик шифокорлар билан бирга Ўзбекистон шифокорлари беморларга ўз маслаҳатларини берди. Бу ерда танлаб олинган ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож бемор болалар хорижий клиникаларда соғломлаштирилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)