Ўзбекистонлик футболчи Фозил Мусаев Япония Жей лигасидаги биринчи голини урди.
Мамлакат чемпионатининг 5-турида Мусаев тўп сурадиган «Жубило Ивата» клуби ўз майдонида «Шимизу Плас» клубини қабул қилиб, 3:1 ҳисобида зафар қучди. Ўз вақтида «Насаф», «Машъал», «Локомотив», «Бунёдкор» каби клублар шарафини ҳимоя қилган футболчи жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. У, шунингдек, 23-дақиқада қўполлиги учун огоҳлантирилди.
Мазкур ғалабадан кейин «Жубило Ивата» очколари сонини 7 тага етказиб, турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилиб олди.
Япония Жей лигаси 5-тур 1 апрель, шанба
«Жубило Ивата» — «Шимизу Плас» 3:1
Голлар: Моришита, 6 (1:0). Фозил Мусаев, 37 (2:0). Кавабе, 48 (3:0). Тае Се Жонг, 90+4 (3:1).Маълумот учун, Фозил Мусаев Ўзбекистон миллий термасини Самвел Бабаян қабул қилиб олганидан буён бош жамоага чақирилмайди. У Япония чемпионатида тўп сураётган биринчи ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади.
Изоҳ (0)