БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида мазкур ҳафтада бошланган ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги конвенция бўйича музокараларда 115 дан ортиқ давлат иштирок этмоқда. Бу ҳақда 30 март, пайшанба куни конференциянинг раиси, Коста-Риканинг бутунжаҳон ташкилоти ҳузуридаги доимий вакили Элейн Уайт Гомес маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Музокараларда иштирок этаётган давлатлар сони 115 дан ошади», — деди дипломат. У, шунингдек, муҳокамаларда нодавлат ташкилотларнинг 220 дан ортиқ вакили иштирок этаётганлигини қўшимча қилди.
Унинг сўзларига қараганда, форум иштирокчилари иш тартибига оид барча масалаларни ҳал қилган ва бўлажак конвенциянинг батафсил муҳокамаси, жумладан, унинг асосий мақсад ва тамойиллари, кириш қисми ва қарор қисми асосий қоидаларини муҳокама қилишга киришган.
Гомеснинг маълум қилишича, қарор қисми юзасидан ядро қуролини харид қилиш, ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, ундан фойдаланиш ва уни қўллаш таҳдидига оид кўплаб таклифлар билдирилган.
Изоҳ (0)