Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергановнинг Наманган вилояти шаҳар ва туманларида ўтказаётган сайёр қабуллари давом этмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Тўрақўрғон, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказилган сайёр қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, юқоридаги туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Республика Бош прокурори ўринбосари У.Суннатов ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳолини диққат билан тинглаб, уларда норозилик кайфиятини келтириб чиқарган ҳолатларни ҳокимлар, масалага дахлдор бошқармалар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида чуқур таҳлил қилган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз жойида ҳал этилиб, мурожаатчининг талаби қондирилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар, мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
«7000 аҳоли яшайдиган қишлоғимиздаги мактабгача таълим муассасаси фаолияти тўхтатиб қўйилгани ҳақида ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер ажратилишини сўраб мурожаат қилган эдим, – деди Тўрақўрғон туманидаги Олчин маҳалласида яшовчи Зарифа Асқарова. – Бугунги сайёр қабулда ҳар икки масала ечимини топадиган бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан юқоридаги муассасани тегишли тартибда нол қийматда менга бериш масаласи кўриб чиқиладиган ва у ерда хусусий болалар боғчаси очиб, янги иш ўринлари яратадиган бўлдим».
«Тақдир экан, вояга етмаган уч набирам менинг қарамоғимда қолган, – деди кекса онахон Мунаввар Бурҳонова. – Мурожаатимга кўра учови учун нафақа ажратиладиган бўлди».
Сайёр қабулда уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш тизими, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти ва бошқа ижтимоий, иқтисодий ва маиший масалаларда қилинган мурожаатлар кўриб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
«Кеча Косонсой, Поп, Чуст, Наманган ва Мингбулоқ туманлари ва Наманган шаҳрида, бугун Тўрақўрғон, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида ўтказилган сайёр қабул самарали бўлди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бош инспектори Мансур Абдусатторов. – Жами 350 га яқин мурожаат кўриб чиқилди ва уларнинг 90 фоизга яқини ўз жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масалага дахлдор ташкилотларга тақдим этилди, 15 кун муддатда мазкур мурожаатлар ҳам қондирилади ёки уларнинг эгаларига асослантирилган жавоблар йўлланади».
Шу куни Учқўрғон, Уйчи ва Норин туманлари учун ҳам сайёр қабул ўтказилди.