«Даракчи плюс» таҳририяти Марказий банкка расмий мурожаат қилиб, АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси сезиларли даражада ошиб бораётганлиги сабаблари билан қизиқди. Бу ҳақда «Darakchi.uz» хабар бермоқда.
Марказий банк матбуот хизматининг жавобида келтирилишича, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операциялар миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан чет эл валютасига бўлган талаб ҳамда таклифнинг жорий нисбати асосида шаклланадиган алмашув курси бўйича амалга оширилади.
Сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан айирбошлаш курсининг келгусидаги динамикаси талаб ва таклиф, тўлов, хусусан ташқи савдо баланси, инфляциянинг мақсадли параметрлари, мамлакатлардаги иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, асосий савдо ҳамкорлар, жумладан уларнинг валюта курсларига қараб белгиланади.
«Айни дамда валюта сиёсатини либерализация қилиш ҳамда босқичма-босқич бозор механизмлари асосида такомиллаштиришни тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — дея таъкидланади Марказий банк матбуот хизмати жавобида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки 2017 йил 28 мартдан бошлаб хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 3595 сўм 2 тийин этиб белгиланди. Бу 23 мартдаги курсга нисбатан 46 сўм 91 тийинга кўпдир.
Изоҳ (0)