Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган косметика ва парфюмерия воситаларининг чегарадан ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Челябинск—Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган йўловчи поездида бир қатор хорижий шахсларнинг божхона қоидабузарликларини фош қилди.
Россиялик Н.Горкуша, Б.Сеидов, А.Муртазин ва Н.Романюклар республикага кириб келар экан, йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати 27,2 миллион сўмлик 1000 донадан ортиқ косметика ва парфюмерия воситасини олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, мазкур постда «Олмаота—Нукус» йўналишидаги йўловчи поезди орқали кириб келган қўшни давлат фуқароси Ж.Усманов умумий қиймати 21 миллион сўмдан ортиқ бўлган етти турдаги атирни ноқонуний равишда олиб киришга урингани фош қилинди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари почта жўнатмалари орқали ҳам косметика ва парфюмерия воситаларининг ноқонуний равишда жўнатилишига доир бир нечта қонунбузарлик ҳолатларини аниқлади.
Туркиядан пойтахтлик Н.Ярматов номига юборилган почта жўнатмаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда унда йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган қиймати 7,5 миллион сўмлик 75 дона парфюмерия воситаси борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Туркиядан етти нафар фуқаро номига юборилган почта жўнатмалари ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, ушбу жўнатмаларнинг ҳар бирида деярли бир хил миқдорда ва қийматдаги жами 16 минг 500 дона автомобиль салонлари учун мўлжалланган хушбўй пуркагич борлиги аниқланди. Йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган мазкур товарларнинг умумий қиймати салкам 50 миллион сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)