Кувайтда АҚШ ва Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши (ФКАДҲК) мамлакатларининг Яқин Шарқ минтақасидаги энг йирик манёврлари бошланди. Бу ҳақда Кувайт қуролли кучлари бош штаби раҳбари генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Ҳадер маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Ўқув машғулотлари ФКАДҲК мамлакатларининг АҚШ билан мудофаа борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган», — деди генерал-лейтенант. Унинг ахборотига кўра, «Журъатли бургут» кодланган номи остидаги манёврлар 14-бор ўтказилаётган бўлиб, 6 апрель куни якунланади.
Ўқув машғулотларидан кўзланган мақсад тажриба алмашиш, умумий таҳдидларга қарши туриш учун мамлакатлар ўртасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришни чуқурлаштириш, мудофаа бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Машғулотлар бир неча босқичда ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбий-денгиз кучлари ҳамда ерусти қўшинлари иштирокида ўтказилади. Машғулотларга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда бошқарувни яхшилаш мақсадида Кувайт ИИВ ва Миллий гвардия, қатор давлат органлари ва департаментлар ходимлари жалб этилади.
Машқларда ФКАДҲК мамлакатлари ва АҚШ ҳарбий қўмондонлиги вакиллари иштирок этади. Манёврлар вақтида Кувайтга «Ярим орол қалқони» номини олган тезкорлик билан жавоб бериш минтақавий кучларининг оператив штаби вакиллари етиб келади.
Маълумот ўрнида, ФКАДҲК Саудия Арабистони, Кувайт, Баҳрайн, Уммон, БАА ва Қатардан иборат. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!