Германия ҳукумати ижтимоий тармоқларга тақиқланган маълумотларни ўз вақтида ўчирмагани учун 50 миллион еврогача жарима солиш қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Мазкур чора, энг аввало, Facebook ва Twitter’га нисбатан қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
2015 йил декабрь ойида компаниялар Германия ҳукумати билан ксенофобия ва сохта янгиликлар тарқалишига қарши кураш бўйича келишув имзолаган ва фойдаланувчиларнинг шундай турдаги хабарларига нисбатан ариза тушган вақтдан бошлаб 24 соат ичида тегишли матнни ўчиришга ваъда берган.Бироқ Германия Адлия вазирлигининг сўнгги тадқиқот натижалари Facebook’да ҳам, Twitter’да ҳам мазкур масалада ўтган йилга нисбатан ҳеч қандай ўсиш кузатилмаганини маълум қилди. Микроблоглар хизмати ҳалигача ноқонуний маълумотларнинг бор-йўғи 1 фоизини ўчираётгани, лекин шунда ҳам белгиланганидек биринчи суткаларда ўчиришга улгурмаётгани аниқланди.
Таъкидланишича, Facebook’нинг ноқонуний маълумотларга қарши курашиш самарадорлиги тушиб кетган бўлиб, ҳозирда мазкур ижтимоий тармоқ махсус байроқча билан белгиланган хабарларни фақатгина 39 фоизини ўчирмоқда. Ўтган йили мазкур кўрсаткич 46 фоизга тенг бўлган. Шу билан бир вақтда, Марк Цукерберг компанияси ушбу маълумотлар нотўғри эканлигини айтиб, ҳақиқий кўрсаткичлар анча юқорилигига ишонтиришга уринмоқда.
Изоҳ (0)