Наманганда «Стоматологиянинг долзарб муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Стоматологлар ассоциацияси, Тошкент давлат стоматология институти ва Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистоннинг нуфузли тиббиёт муассасалари, тиббиёт олий ўқув юртлари шифокор-олимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан стоматологлар иштирок этди.
Анжуманда стоматология хизматини янада такомиллаштириш, тиш касалликларини барвақт аниқлаш ва самарали даволаш борасидаги изланишлар натижалари, тўпланган тажрибалар атрофлича муҳокама этилди.
Жумладан, тадбирда Тошкент давлат стоматология институти ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессор-ўқитувчилари «Ўзбекистонда стоматология хизматининг муаммолари ва уларни бартараф этиш йўллари», «Одонтоген яллиғланиш касалликларини ташхислаш ва даволаш муаммолари», «Юқори лаб ва танглай кемтикликлари бўлган болаларни эрта комплекс даволаш тадбирлари», «Жағларнинг нуқсони ва шакл бузилишини ташхислаш ва даволаш», «Болаларда сут ва доимий тишлар кариеси: замонавий диагностика, профилактика ва даволаш усуллари» каби мавзулардаги илмий маърузалар билан қатнашди.
Иштирокчилар тиббиёт фанининг стоматология йўналишидаги ютуқлари билан атрофлича таништирилди, янги ғоя ва изланишлардан бохабар қилинди. Тадбир якунида сертификатлар топширилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқди.
Изоҳ (0)