Хонанда Лола Йўлдошева «Даракчи» газетасига берган интервьюсида фарзандлари ва шахсий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида маълум қилди.
— Янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?
— Биласизми, ўтган қиш ойларида, ўзимни айиққа ўхшатдим. Баҳор келиб, энди «уйғоняпман». Аслида, бу гўзал мавсум мен учун алоҳида аҳамиятга эга десам адашмайман. Ўзгаришлар, янгиланишлар фаслида ўзимни қалбан бошқача ҳис қила бошлайман. Атрофимда, ҳаётимда, ўзимда янгилик яратиш истаги пайдо бўлади. Бунинг барчаси табиатнинг ҳам уйғониши билан боғлиқ бўлса керак.
— Бу ўзгаришлардан бирини кўришга улгурдик. Яқиндагина, сочингизни жуда калталатдингиз. Қизиқ, бу кескин ўзгаришларнинг сабаби нимада экан?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, ўзгаришлар мавсуми келди. Бундан ташқари, инсоннинг қалбидаги ўзгаришлар, унинг ташқи кўринишига ҳам таъсир қилади. Ва яна бир оддий сабабларидан бири, шунчаки узун сочлардан чарчаганим.
— 2016 йилги яккахон концерт дастурингизда қизингиз Шаҳина ҳам қўшиқ куйлади. Келажакда у ҳам хонанда бўламан деса, қаршилик қилмайсизми?
— Болаларим билан суҳбатлашганимда уларнинг хоҳиш-истаклари билан қизиқаман. Ўғлим, мен доим уйда бўлишимни, фақат улар билан вақт ўтказишимни истайди. Қизим эса доим саҳнада бўлишимни, қўшиқ куйлашим ва машҳур бўлишим тарафдори. Саволингизга келсак, менимча қизим санъат йўлини танламайди. Бироқ, агар у бунга қарор қилса албатта уни қўллаб-қувватлайман, кўмак беришга ҳаракат қиламан. Очиғи, қизим, бу касб унинг учун эмаслигини, англаб етиши учун ҳам унга ёрдам бераман.
— Ижтимоий тармоқ орқали шахсий ҳаётингизда ўзгаришлар рўй бераётганини билдиргандингиз. Бу ўзгаришлар ҳақида батафсилроқ гапирсангиз...
— Шахсий ҳаётим фақат меники, шу сабаб сир бўлиб қолишини истайман. Лекин бир нарсага изоҳ бериб ўтмоқчиман, бугунги кунда суратларимни жойлаштираётганим, бахтим билан қисман бўлишаётганим, ўша инсонни энди учратганимдан далолат эмас. Агар бу муносабатлар ҳақида гап бошласам, узоқ йиллар ортга назар ташлашга тўғри келади. Севгимиз тарихини кейинроқ, вақти келганда барча билан бўлишишга ваъда бераман. Ҳозирча вақти келгани йўқ. Фақат муносабатларимиз жиддийлашиб, аҳд-паймон қилдик.
— У ҳақида нималарни гапириб бера оласиз?
— Биласизми, инсонда шундай ҳолат бўладики, у қалбида кемтиклик сеза бошлайди. Ўша бўшлиқни иш, қўшимча машғулотлар билан тўлдириб бориб, ўзини банд қилишга ҳаракат қилади. Айнан менда ҳам шундай эди. Аммо учратган инсоним ўша камчиликларни тўлақонлик қоплади. Меҳри, эътибори, барча инсоний фазилатлари билан кўнглимдан жой олди. Эртанги кунга ишончимни оширди. Муносабатларимизда гумон, шубҳа, ишончсизликка ўрин қолмади. Менимча, бир аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бугунги бахтимни асраб-аввайлаб яшашни истайман. Ҳозирча айтадиганларим шу...
Изоҳ (0)