Тез орада «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» номли ҳужжатли фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаева Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
Мазкур фильм турмуш ўртоғим ҳамда каминанинг кинопродюсер сифатидаги илк лойиҳамиздир.Лола Каримова-Тиллаева
Буюк мутафаккир ва аллома Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фильм режиссёри Баҳодир Йўлдошев.
Лола Каримова-Тиллаева Мирзо Улуғбек номи дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Галилео Галилей, Коперник, Иоганн Кеплер каби буюк алломалар билан бир қаторда туришини қайд этди.
Маълум қилинишича, фильмда Франция, АҚШ, Россия, Ўзбекистон, Буюк Британия, Дания ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади.
Чет эллик олимларнинг аксари айнан Мирзо Улуғбек сиймоси сабаб мамлакатимизга меҳр қўйганини эътироф этган.Лола Каримова-Тиллаева
Кинокартинани яратишда Бодлиан кутубхонаси (Оксфорд университети), Британия музейи, Пристон университети, Гриффит расадхонаси, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur Côte расадхонаси, Калифорния университети, Даниянинг The David Collection музейи, Оксфорднинг Илм-фан тарихи музейи, Оксфорднинг St. John’s коллежи каби ўқув юртлари, музей ва кутубхоналар бисотидан фойдаланилди.
Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Фильм сценарийсини ҳозирлаш асносида кўп ва хўб изланиб, бобокалонимиз ҳаётини таваллуд топган кезларидан бошлаб қайта тиклашга ҳаракат қилдик.Фильм жанр нуқтаи назаридан ҳужжатли саналса-да, унда бадиий воситалардан ҳам фойдаландик. Съёмка жараёнига ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрларни жалб қилдик, ўша даврга мос тарихий либосларни танлаш ва тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратдик.
Лола Каримова-Тиллаева
Кинокартинада Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле каби жаҳон киноси юлдузлари, Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари миллий кино усталари суратга тушди.
Голливуднинг «Титаник», «Оловуддин», «Геркулес» каби фильмларга мусиқа басталаган машҳур бастакори Уолтер Афанасьев картина учун махсус мусиқа ёзган бўлса, хонанда Севара Назархон ижросидаги саундтрек фильмга ўзгача жозиба бахш этди.
Лола Каримова-Тиллаева фильм премьераси ҳақида кейинроқ эълон қилинишини маълум қилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)