Хоразм вилояти божхона бошқармасига ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатлар асосида Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Боғот туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида рангли металл парчаларининг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Хоразм вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматига таяниб, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси хабар бермоқда.
Хусусан, Боғот туманининг Миришкор қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Сададдинов 1,6 тоннадан ортиқ рангли металл парчаларини кейинчалик қайта сотиш мақсадида ноқонуний равишда сақлаб келаётгани аниқланди.
Унинг тумандоши Э.Жуманиёзов томонидан эса 1,1 тоннадан ортиқ рангли металл парчаларини ўзига тегишли гаражга яшириб қўйганлиги фош қилинди.
Умуман 2016 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хоразм вилояти божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда салкам олти тонна рангли металл парчаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Изоҳ (0)