Лондоннинг «Арсенал» клуби Европа Чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан кетма-кет еттинчи бор учирма бўлди. Учрашувдан кейин клуб бош мураббийи Арсен Венгер журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Биз ўйин аввалида режалаштирганимиз футболни намойиш қила олдик. Бироқ ҳакамлар қарори борасида омадимиз умуман келмади.Биз олдинда бораётганимизда Уолкотт юз фоизлик пенальти ишлаганди. Левандовскидаги оффсайдни ҳакамлар кўрмади. Бизнинг дарвозамизга эса пенальти белгиланди, қўшимчасига Косельни майдондан четлатилди. Шундан кейин ўйинни якунлаб қўйиш қийин кечди.
Хуллас, мен ҳакамларни тушуна олмадим. Ваҳоланки жамоам рақибга етарлича қаршилик қила олаётганди. Сен бир киши кам қола туриб 4 та гол уришинг керак бўлса, футболчиларда бунинг иложи йўқ деган фикр пайдо бўлади. Энг ёмони, пенальти берилган вазиятда Левандовски оффсайдда турганди. Ҳакам олдин сариқ кўрсатди, кейин уни қизилга айлантирди. Бу энди жиддий иш эмас.
Ҳисоб 1:2 бўлганида кейинги босқич масаласи йўққа чиқиб бўлганди. Чунки ҳакамлар бутун иккинчи таймни расво қилиб улгурганди. Мухлисларга ачиндим. Улар шундай футбол кўриш учун катта пулга чипта харид қилишмаганди.
Ҳисоб ўйинимиз сифатини кўрсатмайди. Биз қийин бўлишини олдиндан билиб, ғуруримиз учун тўп суришни ният қилгандик. Менимча бунга эриша олдик.
Арсен Венгер, «Арсенал» бош мураббийи
«Бавария» бош мураббийи Карло Анчелотти ҳам рақибнинг дастлабки 1 соатдаги ўйинига юқори баҳо берди.
Қийин ўйин бўлди. Дастлабки 60 дақиқа «Арсенал» яхши ўйнади ва етарлича муаммо туғдирди. Уларнинг босими сабаб оддий вазиятларда хатоларга йўл қўйдик.Ўйинга ғалати деб таъриф берардим. Бироқ футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Учрашув натижаси майдонда рўй берган воқеаларга умуман мос бўлмади. Чунки пенальтидан кейин биз ҳеч қандай босимга тўқнаш келмадик.
Карло Анчелотти, «Бавария» бош мураббийи
Маълумот учун, «Арсенал» — «Бавария» учрашуви грециялик Тасос Сидиропулосга ишониб топширилганди.
Изоҳ (0)