Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Ўзбекистон Олий лигасининг 1-туридан жой олган учрашувда «Омадли мухлис» акциясини ишга тушириб, омадли чипта соҳибига Damas автомобилини беришни ваъда қилганди. Бироқ акция 12 март санасига қадар кечиктирилди.
27 февраль куни «Пахтакор» матбуот хизмати «Омадли мухлис» акцияси ҳақида эълон қилган бўлиб, чиптаси бор мухлисларда Damas автомобилини ютиш имконияти ҳам бўлишини айтиб ўтганди. Шунингдек, улар «Пахтакор» стадионидаги барча қулайликлардан фойдаланишлари мумкин, деб ёзиб қўйилганди. Чипталар эса 10 ва 20 минг сўм этиб белгиланганди.
«Қизилқум»га қарши ўйин бўлиб ўтадиган 3 март куни эса «Пахтакор» Навоий клубига қарши учрашувга кириш бепул экани ҳақида ёзди. Бу мавсумнинг очилиш ўйини экани билан изоҳланди. Шунингдек, ўз-ўзидан Damas автомобили 12 март куни бўлиб ўтадиган «Динамо»га қарши беллашувга қолди. Стадиондаги барча қулайликлар ҳақида бу сафар сўз бормади.
Очилиш ўйини учун мухлисларни бепул қабул қилиш фикри 27 февралгача нима сабабдан ҳеч кимнинг хаёлига келмаганига ойдинлик киритилмаган.
Маълумот учун, «Қизилқум»га қарши ўйин 3 март куни 17:00 да старт олади.