Россиядаги «Коррупцияга қарши кураш фонди» (ФБК) олиб борган суриштирувда мамлакат бош вазири Дмитрий Медведевнинг «сирли империяси» бошқарувчиларидан бири сифатида кўрсатилган шахс ФБК эълон қилган материални «ахборот хуружи» деб атади.
Meduza нашрининг хабар беришича, мазкур баёнот Медведевнинг курсдоши ҳисобланган, ҳозирда Россиянинг «Газпромбанк» банки бошқаруви раиси сифатида ишлаётган Иля Елисеев томонидан берилган.
ФБК суриштирувида маълум қилинишича, Елисеев Медведевга гўёки совға қилинган мулкларни бошқарувчи «Дар» ва «Соцгоспроект» жамғармаларининг кузатув кенгашига раҳбарлик қилади.
Елисеевнинг айтишича, у бошқараётган нотижорат ташкилоти қонун томонидан рухсат этилган хўжалик ва бошқа хайрия мақсадларидаги фаолият билан шуғулланади. У жамғармаларнинг сиёсатчилар ва давлат хизматчилари билан ҳар қандай алоқасини инкор этди.
«Яқинда кузатилган ахборот хуружлари яққол сиёсий ташвиқот намуналаридир ва ҳеч қандай ҳақиқий асосга эга эмас», — дейилади Иля Елисеевнинг баёнотида.
2 мартда россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг «Коррупцияга қарши кураш фонди» Россия бош вазири Дмитрий Медведев нотижорат ташкилотлари тармоғи орқали эгалик қиладиган мол-мулк ҳақида суриштирув эълон қилди.
ФБКга кўра, ҳукумат раҳбари назорати остидаги жамғармалар Алишер Усмонов ва Леонид Михелсон каби миллиардерлардан совға ва хайрия маблағлари олган. ФБК Медведевга ўтказиб берилган умумий сумма 70 миллиард рублни ташкил этишини маълум қилди.
Медведовнинг матбуот котиби Наталя Тимакова эълон қилинган суриштирувга изоҳ беришдан бош тортиб, Навалнийни «мухолифатчи ва судланган персонаж» деб атади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!