Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин ATP рейтингида кўтарилишда давом этди. У эндиликда дунёнинг 68-рақамли теннисчиси бўлиб олди.
Австралия очиқ чемпионатидан кейин Истомин 80 таликка кириб олган бўлса, шундан кейин ҳар ҳафта рейтингда ўсишга эришиб, 12 поғона юқорилади. Унинг учун энг яхши кўрсаткич 2012 йилда кузатилган бўлиб, августнинг 13-санасида Истомин дунё рейтингида 33-поғонанини эгаллаб турганди.
Истоминнинг ўсишига Дубайда бўлиб ўтаётган турнир ҳам ёрдам берди. У саралаш босқичини 27 февраль куни венгриялик Мартин Фусовичга қарши ўтказди ҳамда 6:1, 7:6 ҳисобларида устун келиб, асосий тўр беллашувларига йўл олди.
Эндиликда унинг рақиби голландиялик Робин Хаас бўлади. Айни вақтда Хаас ATP рейтингида Истоминдан икки ўрин юқорида турибди. Қизиқ томони, улар шу кунга қадар икки бор тўқнаш келган ва иккисида ҳам голландиялик ракетка устасининг қўли баланд келган.
Изоҳ (0)