Англиянинг амалдаги чемпиони «Лестер» италиялик бош мураббий Клаудио Раньерини истеъфога чиқарди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Сабаб сифатида жамоанинг жорий мавсумдаги қониқарсиз натижалари кўрсатилди. «Лестер» АПЛни тарк этиши мумкин бўлган клубни бор-йўғи 1 очкога ортда қолдираётгани вазиятни хавфли кўринишга олиб келган.
Раньери «тулкилар»ни 2015 йилда қабул қилиб олган бўлиб, 133 йилдан кейин «Лестер»ни Англия тахти сари етаклаб келганди. Унинг чемпионлиги нафақат мамлакатда, балки бутун дунёда катта ҳаяжон билан қарши олинди. Таркибида бирорта юлдуз футболчиси йўқ бўлган ва бюджети етакчи клубларникидан анча кам бўлган «Лестер»нинг натижаси тарихга мухрланганди. Бу воқеага бир йил ҳам тўлмасдан клуб раҳбариятини Раньерининг истеъфосини энг тўғри қарор деб билди.
«Лестер»га эътибор қаратаётган еттинчи йилимиздаги энг оғир қарорни қабул қилдик. Бу жамоа келажагини ўйлаб амалга оширилди.Клаудио кучли мутахассис, яхши етакчи, бой тажрибага эга бўлган инсон. Унинг ҳаракати ва меҳнати «Лестер»ни халқаро миқёсга олиб чиқди. Биз Раньерининг «Лестер» учун қилган ишларидан бир умрга миннатдормиз.
Биз жамоа ўтган йилги ақлбовар натижасини такрорлайди деб кутмагандик. Асосий мақсад АПЛда жон сақлаб қолиш эди. Фикримизча бу вазифани адо этиш учун клубга янги қон керак.
Айяватт Шривадданапрабха, «Лестер» вице-президенти
Клаудио Раньери 2016 йил якунларига кўра Англиянинг энг яхши мураббийи деб топилганди. Бироқ январь ойида бу совринни қабул қилиб олган италиялик февраль ойидаёқ ариза ёзишга мажбур бўлди.
Қизиқ томони, 2015 йил якунларига кўра Жозе Моуриньо «Челси»ни чемпион қилган ва келаси мавсумдаёқ истеъфога чиқарилганди. 2016 йилда «Лестер»га олтин медаль олиб берган Клаудио Раньерида ҳам худди шундай бўлди.
Раньери бошқарувида «Лестер» ўзининг сўнгги учрашувини Чемпионлар лигасида «Севилья»га қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Изоҳ (0)