Самарқанд вилояти давлат солиқ органлари томонидан январь ойида беш ҳолатда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний равишда дори-дармон воситалари савдоси билан шуғулланувчи ҳуқуқбузарлар аниқланиб, улардан 3,2 миллион сўмлик дори воситалари олиб қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимларининг 28 январь куни ўтказган рейд текширувида фуқаро У.Дониёров ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда дори-дармон воситаларини сотаётгани аниқланди. Ундан қиймати 1 миллион 600 минг сўмлик 53 турдаги дори-дармон воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Паяриқ тумани давлат солиқ инспекцияси ҳамда солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўлими ходимларининг 30 январь куни ҳамкорликда ўтказган тадбирида «Паяриқ деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятининг Давтепа филиалида фуқаро Д.Шаропов ноқонуний равишда дори-дармон воситалари савдоси билан шуғулланаётгани аён бўлди. Ундан тегишли ҳужжатлар асосида 1 миллион 752 минг сўмлик 184 турдаги дори-дармон воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Изоҳ (0)