Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари сифатсиз ва истеъмол муддати ўтган катта миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларининг Ўзбекистонга олиб кирилишининг олдини олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Тошкент–товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари темирйўл контейнерларидан бирини ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказганида, бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқлади.
Божхона кўриги давомида маълум бўлишича, контейнерлардан бирининг ичидаги 20 тоннадан ортиқ юклар Латвиядан Тошкентда фаолият юритувчи ташкилотлардан бирининг номига юборилган бўлиб, улар орасидаги истеъмол муддати деярли 3 йил аввал ўтиб бўлган салкам 5,8 тонна шоколад ва сақич ҳамда истеъмол муддатига атиги 1 ой қолган 830 килограммдан ортиқ картошка чипслари аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган салкам 2 800 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 6,4 миллиард сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)