Бугун — 20 февраль куни Осиё Чемпионлар лигаси турнирида 2017 йилги мавсумнинг гуруҳ босқичи расман старт олади. Унда Ўзбекистон шарафини «Локомотив» ҳамда «Бунёдкор» клублари ҳимоя қилади.
Янги форматга кўра, Чемпионлар лигаси учрашувлари эндиликда душанба—чоршанба кунлари оралиғида бўлиб ўтади.
«Локомотив» душанба куни Тошкент вақти билан 20:40 да «Ат-Таавун» клубига қарши ўйинда майдонга тушади. Қайд этиш керак, Саудиянинг бу клуби Осиё Чемпионлар лигасида илк бор иштирок этмоқда. «Локомотив» эса ўзининг сўнгги мавсумида чорак финалга қадар етиб борганди.
Мавсум аввалида «Локомотив» футболчилари ярим финални кўзлаётгани ҳақида айтиб ўтганди. Шундан кейин жамоани Санжар Шоаҳмедов, Иван Нагаев, Темурхўжа Абдухолиқов, Сервер Жепаров, Артур Геворкян, Неманья Яничич каби футболчилар тарк этди.
Амалга оширилган ўзгаришлар қандай бўлгани борасидаги саволларга бугун қисман жавоб топиш мумкин.
Мухлислар бунга қадар «Насаф» ва «Бунёдкор» иштирокидаги расмий ўйинларни кўриб улгурганди, «Локомотив» эса бугун оқшом йилдаги илк расмий ўйинини ўтказади.
Изоҳ (0)