Самарқанд шаҳрида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими йўлни рухсат этилмаган жойдан кесиб ўтган пиёдани жаримага тортди, дея хабар бермоқда «Новости Узбекистан».
Facebook’даги «Я самаркандец» гуруҳида қолдирилган хабарга кўра, жаримага тортилган пиёда Самарқанд шаҳрининг «Динамо» стадиони яқинида йўлни рухсат этилмаган қисмидан кесиб ўтган. Уни ЙҲХБ ходими тўхтатган, пиёда билан суҳбат ўтказган ва унга 49 925 сўм жарима солган.
Facebook’даги саҳифада жарима ёзилган тўлов ҳужжатининг сурати ҳам эълон қилинган:
Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг маълум қилишича, ЙҲХБ ходимлари жаримани паспорт ёки қоидабузар пиёданинг мобил телефон рақами орқали (SMS юбориш билан қоидабузарнинг шахси аниқланади) расмийлаштирмоқда.
«Агар фуқаронинг ёнида паспорт ҳам, мобил телефони ҳам бўлмаса, унинг шахсини аниқлаш учун туман ички ишлар бўлимига биргаликда боришига тўғри келади», — деб ёзади «Новости Узбекистана».
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасига мувофиқ, пиёдаларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши энг кам ойлик иш ҳақининг уч бир қисми (20 февраль ҳолатига кўра — 49 925 сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Йўл ҳаракати қоидаларининг 19-моддаси бўйича, йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видеомаҳсулотларни кўриш, радио-аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш, ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)