Асалнинг фойдали маҳсулот эканлиги кўпчилик учун сир эмас. Қуйида унинг фойдали жиҳатлари айнан нималарда эканлиги ва табиий асал танлашда қайси белгиларга аҳамият қаратиш лозимлигига тўхталиб ўтамиз.
Асал, биринчи навбатда, вирусларга ва замбуруғларга қарши курашиш хусусиятларига эга. Шунинг учун шамоллаш билан боғлиқ хасталикларда уни истеъмол қилиш тавсия этилади. У нафақат касаллик қўзғатувчилари, балки бурун битиши ва йўталга қарши курашади. Қолаверса, асал иммунитетни тиклаш ва турли хасталикларнинг олдини олиш вазифасини ҳам бажаради.
Минерал ва витаминларга бой таркиби туфайли мазкур маҳсулот овқат ҳазм қилиш тизими хасталикларида ҳам фойда келтиради. Шунингдек, уй шароитида тери ҳолатини яхшилаш учун ҳам ажойиб восита ҳисобланади.
Ҳақиқий асални унинг ясамасидан қандай фарқлаш мумкин?
- Биринчи навбатда, унинг турғун ҳидга эга эканлигига эътибор қаратинг. Турли қўшимчалар қўшилмаган ва қайнатилмаган асалдан мум, нектар, гулчанг ва ширинлик ҳидлари таралади;
- Табиий ширинлик узоқ вақт сақланади ва унинг таъми ўзгармайди;
- Ҳақиқий асал ҳар доим етарлича қуюқ бўлади. Жуда суюқ асал унга нималардир қўшилганлиги ёки жуда эрта йиғиб олинганлигини англатади;
- Тоза асал қуюқ ҳолатда ҳам жуда мазали бўлади. У кристалланганда ҳам таъмини ўзгартирмайди.
Асалнинг ҳақиқийлигини уй шароитида аниқлашнинг жуда осон йўли бор. Шакарли қиёмдан ҳосил қилинган асалга юқори намлик хос. Асалга бир бўлак нонни солиб қўйинг ва уни 8—10 дақиқадан сўнг олинг. Сифатли асалда нон қаттиқлашади. Агар нон аксинча юмшаб ёки эриб кетган бўлса, бу шакар қиёмидан бошқа нарса эмас.
Изоҳ (0)