Испаниянинг «Барселона» ва Франциянинг «Монако» клублари жорий мавсум ҳисобидан 100 та гол уриб улгурди. Каталония клуби бу маррани биринчи бўлиб босиб ўтди, орадан бир неча дақиқа ўтиб монаколик футболчилар ҳам шунга эришди.
Бу борада ҳар икки клубга уик-энддаги 3:0 ҳисобидаги ғалаба ёрдам берди. Ла лиганинг марказий ўйинида «Барселона» Билбаонинг «Атлетик» клубини йирик ҳисобда таслим қилган бўлса, «Монако» Франция чемпионатининг марказий турида ўзини қувиб келаётган «Ницца» дарвозасига жавобсиз 3 та гол уришга эришди.
Статистика барча мусобақаларда киритилган голларни инобатга олган. Фақатгина ички чемпионатлар борасида гап кетганида, «Монако» 68 та, «Барселона» эса 55 та гол уришга муваффақ бўлган. Бунга мамлакат кубоклари, Сепуркубок беллашувлари ва халқаро майдондаги голлар ҳам қўшиб ҳисобланган.
Маълумот учун, Мадриднинг «Реал» клуби ҳисобида ҳозирча 98 та гол бор. Унутмаслик керакки, «Қироллик клуби» рақобатчиларидан камроқ ўйинда майдонга тушган. Хусусан, Ла лиганинг ўзида «Реал»да иккита захира ўйини бор.
Изоҳ (0)