Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси хўжалик субъектлари томонидан хорижий валютадаги тушумнинг мажбурий сотилиши тартибига ўзгариш киритувчи қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Олдин марказлашмаган экспортни амалга оширувчи корхоналар ваколатли банкларга хорижий валютадаги тушумнинг 50 фоизини сотишга мажбур бўлган бўлса, энди бу талаб тенг ярми, яъни 25 фоизга қисқарди.
Мазкур ўзгаришдан 16 турдаги маҳсулот ва хизматлар истисно. Бу рўйхатга буғдой, олтингугурт, табиий газ ва нефтгаз соҳасининг бошқа маҳсулотлари (жумладан, транзит), уран, полиэтилен, полипропилен, қора металл, мис ва рух, водород, инерт газлар ва бошқа нометаллар, қимматбаҳо бўлмаган металлар, металлокерамика ҳамда бошқалар кирди. Уларнинг экспортини амалга оширувчи субъектлар аввалгидек хорижий валютадаги тушумнинг 50 фоизини мажбурий тартибда сотади.
Рўйхатга, шунингдек, авиа ва темир йўл транспорти, телекоммуникация ва банк хизматлари киритилган.
Маълумот учун, валюта тушумини мажбурий сотишдан тайёр маҳсулотни экспорт қилувчи тўқимачилик корхоналари ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳамда хизматларни экспорт қилувчи кичик бизнес субъектлари озод қилинган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.