Халқ таълими вазирлиги ҳозирги кунда тизимдаги қуйи ташкилотлар, туман (шаҳар), вилоят мутасадди раҳбарларининг масъулиятини ошириш, жойларда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш масаласига эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Жумладан, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти ректорининг виртуал қабулхонаси (www.qabulxona.avloniy.uz) ишга туширилди. Эндиликда, фуқаролар малака ошириш, қайта тайёрлаш курсларининг ташкил этилиши, масофадан малака ошириш ўқув курслари, диплом ва сертификат олиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита институт ректоридан жавоб олишлари мумкин.
Шунингдек, Наманган (www.rahbar.namanganvxtb.uz) ва Фарғона (fargonavxtb.uz/online-murojat/sendmail.пҳп) вилоят халқ таълими бошқармалари бошлиқларининг ҳам виртуал қабулхоналари ташкил этилиб, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилди.
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги барча таълим муассасаларида тажриба тариқасида «Ота-оналар хоналари» ташкил этилмоқда. Ота-оналар исталган вақтда бу ерга келиб, ўзларини қизиқтирган масала юзасидан қуйи бўғиндаги раҳбар ходимлар билан мулоқот ўтказиши мумкин. Бу эса мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал қилиш ҳамда оила—маҳалла—таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш имконини беради.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.